(Translated by https://www.hiragana.jp/)
Консул - Vikipediya Jump to content

Консул

From Vikipediya

Консул (лот. cонсул — маслаҳатчи) — 1) Қад. Римда илк республика даврида вужудга келган олий мансабдор шахс. Консуллар 2 кишидан иборат тартибда дастлаб 1 йиллик муддатга фақат патрицийлар томонидан сайланган. Мил.ав 367 йилдан сўнг К.дан бири плебейлар орасидан сайланган. К. халқ йиғинлари ва сенатни чақирган. Алоҳида ҳолларда сенат К.га чексиз хуқуқлар берган. К. империя даврида ўз амалий аҳамиятини йўқотиб, фахрий унвонга айланган; 2) ўрта аср Шимолий ва Марказий Италия шаҳарларидаги олий мансабдор шахс. 8-асрнинг 1-ярмида К. фуқаролар томонидан, асосан, 1 йилга 4— 12 кишидан иборат таркибда сайланиб, олий ижроия, маъмурий, молиявий, суд ва қисман қонун чиқарувчи ҳокимиятга эгалик қилган ва шаҳар патрицийлари манфаатини ифода этган; 3) бир давлатнинг бошқа давлат ҳудудида ўз мамлакати, унинг юридик шахслари ва фуқаролари манфаатларини ҳимоя қилиш, 2 давлат орасида сиёсий, иқтисодий, илмий ва маданий алоқаларни ривожлантиришга ёрдам бериш учун тайинланадиган мансабдор шахс. К.нинг тайинланишида уни қабул қилувчи давлатнинг аниқ розилиги талаб этилади. К. қабул қилувчи давлатнинг қонунлари, одат ва анъаналарини бузмаслиги лозим. К.нинг фаолияти уни юборувчи давлат элчихонаси томонидан назорат этилади. К.лик тоифалари К.ларнинг ўз хизмат даражадари билан боғлиқ унвонлари бўлиб, уларнинг 4 хили мавжуд: Бош К., К., Вице-К. ва К.лик агентлари. К.лик тоифаларини бериш, юборувчи давлатнинг ички иши ҳисобланади ва шу давлатнинг қонунлари билан тартибга солинади. 1963-йилда БМТ доирасида "К.лик алоқалари ҳақида" Вена Конвенсияси ишлаб чиқилган, 1994-йил 6-майда Ўзбекистон Республикаси ушбу Конвенсияга қўшилган. Ўзбекистон, шунингдек, бир қатор давлатлар билан К.лик битимлари тузган ва уларда К.лик ваколатхоналари ва бошқа мансабдор шахслар фаолият доираси, ҳуқуқ, имтиёз ва иммунитетлари белгиланган. 1996-йил 29 августда Ўзбекистон Республикаси Консуллик устави қабул қилинди, унда К.лик муассасаларининг ишини ташқил этиш, шу ишларни бажариш тартиби К.лик мансабдор шахслар томонидан белгилаб берилди.[1]

Манбалар

[edit | edit source]
  1. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил