(Translated by https://www.hiragana.jp/)
МСК: Парламент қуйи палатасига сайловлар 27 октябрга белгиланди

Линклар

Шошилинч хабар
02 сентябр 2024, Тошкент вақти: 15:31

Ўзбекистон хабарлари

МСК: Парламент қуйи палатасига сайловлар 27 октябрга белгиланди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови жорий йилнинг 27 октябрь куни ўтказилади. Бунга оид қарор Марказий сайлов комиссиясининг 26 июль куни бўлиб ўтган мажлисида қабул қилинди.

МСК хабарномасида сайлов куни Ўзбекистон Конституциясининг 128-моддаси ва Сайлов кодексининг 14, 36-моддаларига мувофиқ белгилангани қайд этилган.

Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Сайлов кодексида белгиланган муддатлардан келиб чиқиб, бугундан, яъни 2024 йил 26 июлдан Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови бўйича сайлов кампаниясига старт берилиб, Календарь режа тасдиқланди”, дейилган хабарномада.

Шу тариқа Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари, Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига сайловлар октябрь ойининг сўнгги якшанбасида бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда парламент қуйи палатаси ва маҳаллий депутатлари сайлови шу йил октябрида бўлиб ўтишига бундан ўн кун муқаддам Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига борган ўзбекистонлик депутатлар ишора қилишган эди. Ўшанда Сенат раиси Танзила Норбаева бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси МДҲ Парламентлараро ассамблеяси халқаро кузатувчиларини жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган сайловларни кузатишга таклиф қилишган.

Бунгача Ўзбекистонда келаётган кузда парламент ва маҳаллий кенгашларга сайлов ўтказилиши МСК томонидан ҳам, бошқа бир ваколатли идора томонидан ҳам расман тасдиқланган эмас.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йил 6 мартида сиёсий партиялар ролини ошириш учун - мажоритар ва пропорционал сайлов тизимига ўтишни таклиф қилган.

Ушбу таклиф асосида 2023 йилнинг 18 декабрь куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган.

Ҳужжатга мувофиқ, бундан буён парламентдаги 150 ўриннинг ярми - пропорционал шаклда - партиявий рўйхатлар билан, ярми - мажоритар тизимда - номзодларга овоз бериш йўли билан тақсимланиши лозим.

Кун янгиликлари

“Ташаббусли бюджет”нинг 2-мавсуми ғолиблари аниқланди

“Ташаббусли бюджет”нинг аввалги мавсумларида Ўзбекистоннинг турли жойларида овоз сотиб олиш авжига чиққанини кузатиш мумкин эди
“Ташаббусли бюджет”нинг аввалги мавсумларида Ўзбекистоннинг турли жойларида овоз сотиб олиш авжига чиққанини кузатиш мумкин эди

Жорий йилнинг 31 август куни “Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2024 йилдаги 2-мавсуми якунланди.

Open budget портали маълумотига кўра, иккинчи мавсумда 1772 та лойиҳа ғолиб деб топилган, уларга 2 триллион 139 миллиард сўм миқдорида маблағ берилиши кўзда тутилган.

Қайд этилишича, иккинчи мавсумда овоз беришга қўйилган 23 минг 318 та лойиҳа учун жами 9 миллион 81 минг 610 та овоз берилган.

Фуқаролар кўпроқ мамлакат ичидаги йўллар қурилиши ва таъмири, мактаблар ва тиббиёт муассасаларини таъмирлаш ва моддий-техник базасини ривожлантириш учун овоз беришган.

“Ташаббусли бюджет”нинг 2024-йилги 2-мавсумига шу йил 6 июлидан старт берилганди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, бу мавсумда 6 июлдан 26 июлгача лойиҳаларни киритиш, 26 июлдан 15 августгача лойиҳаларни саралаш, 15 августдан 22 августгача тарғибот ишларини олиб бориш, 22 августдан 1 сентябргача эса бевосита овоз бериш жараёнини ўтказиш кўзда тутилган эди.

Ўзбекистонда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси фуқароларга инфратузилмани яхшилаш бўйича ўз лойиҳаларини таклиф қилиш орқали маҳаллий бюджетнинг бир қисми тақсимотида иштирок этиш учун имконият яратиш мақсадида йўл қўйилгани айтилади. Бу лойиҳани аксарият “кўпга келган тўй” сифатида баҳолаб, маҳаллалардаги йўл, мактаб ёки тиббиёт муассасасини таъмирлаб олиш имконияти ўлароқ кўрса-да, аввалги мавсумларда кузатилган мажбурлов ва ғирромликлар жойлардаги одамларнинг ҳафсаласини совитиб, ижтимоий тармоқларда асосли эътирозларга сабаб бўлган эди.

Бойсун конидаги авария ортидан аҳоли эвакуация қилинди

Бойсундаги олтингугурт гази сизиб чиққани айтилаётган қудуқ (Сурхондарё вилояти ҳокимлиги фотоси)
Бойсундаги олтингугурт гази сизиб чиққани айтилаётган қудуқ (Сурхондарё вилояти ҳокимлиги фотоси)

Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани “Кўлқамиш” МФЙ ҳудудида жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конига қарашли 604-қудуқда 1 сентябрь куни олтингугурт гази чиқиши кузатилган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумот тарқатди.

Вазирлик қайдича, аварияга қудуқда "бурғулаш ишлари олиб бориш вақтида технологик жараённинг бузилиши” сабаб бўлган.

“Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган”, дейилган ФВВ хабарномасида.

Айни пайтда вазирлик ҳодиса чоғида фуқаролардан ҳеч ким тан жароҳати олмагани ва ҳалок бўлмаганини, “вазият тўлиқ назорат остида” эканини урғулаган.

Бу орада Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати авария содир бўлган ҳудудга вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов, алоқадор мутасадди ташкилот ва идоралар ҳамда бошқармалар масъуллари етиб боришганини маълум қилган.

“Айни вақтда фавқулодда ҳолат содир бўлган ҳудудда ҳавонинг ифлосланиш даражасини ўрганиш, келиб чиққан ҳолатларни бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда”, дейилган ҳокимлик хабарномасида фуқаролардан ортиқча саросимага берилмаслик, ижтимоий тармоқ фаолларидан эса аҳоли ўртасида ваҳима уйғотувчи материалларни тарқатмаслик сўралган.

Мирзиёев Мустақиллик байрами арафасида 522 кишини афв этди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармони билан Мустақилликнинг 33 йиллиги арафасида Ўзбекистонда 522 нафар шахс афв этилди.

ЎзА хабарига кўра, афв этилган шахсларнинг 159 нафари асосий жазодан озод этилган, 303 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган, 60 нафарининг эса озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилган.

Афв этилганларнинг 19 нафарини чет эл фуқаролари, 56 нафарини аёл, 25 нафарини 60 ёшдан ошган эркак, 233 нафарини ёшлар (шулардан, 1 нафари вояга етмаган) ҳамда 27 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади”, дейилган агентлик хабарида.

Ўзбекистонда кенг кўламли афвнинг сўнггиси жорий йилнинг апрель ойида Рамазон ҳайити муносабати билан эълон қилинган эди. Ўшанда 426 нафар шахс афв этилган.

Рақобат қўмитаси: Дори-дармон нархларининг асоссиз оширилиши бўйича қарийб 50 мингта ҳолат аниқланди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси дори-дармон савдоси бўйича текширув ўтказганида Ўзбекистон бўйлаб 473 та дорихонада ҳуқуқбузарлик ҳолатларини қайд этган.

Қўмита маълумотига кўра, ўрганишлар натижасида 49 минг 455 та ҳолатда 5,4 миллиард сўмга яқин асоссиз даромад олинганлиги аниқланган.

Хабарномада текширув ортидан истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб ўтказилиб, уларнинг ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилгани билдирилган.

Рақобат қўмитасига кўра, дори-дармон воситалари нархларининг асоссиз оширилиши бўйича ҳолатлар Тошкент вилоятида 111 та дорихонада, Тошкент шаҳрида 71 та дорихонада, Жиззах вилоятида 62 та дорихонада, Наманган вилоятида 44 та дорихонада, Навоий вилоятида 32 та дорихонада, Қорақалпоғистон Республикасида 30 та дорихонада, Сирдарё вилоятида 24 та дорихонада, Фарғона вилоятида 23 та дорихонада, Андижон вилоятида 20 та дорихонада, Бухоро вилоятида 17 та дорихонада, Қашқадарё вилоятида 18 та дорихонада, Самарқанд вилоятида 9 та дорихонада, Сурхондарё вилоятида 7 та дорихонада, Хоразм вилоятида 5 та дорихонада кузатилган.

Туркияда бир неча йил тутқунликда яшаган қаршилик аёл озод қилинди

Туркияда 4 йил давомида тутқунликда сақлангани айтилаётган аёл (Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси фотоси)
Туркияда 4 йил давомида тутқунликда сақлангани айтилаётган аёл (Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси фотоси)

Туркияда бир неча йилдан буён тутқунликда ушлаб турилган ўзбекистонлик 42 ёшли аёл озод қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси маълумот тарқатди.

Аёлнинг тутқунликда тутиб турилгани қизининг ўзбек дипломатларига мурожаати ортидан маълум бўлган. Қайд этилишича, қаршилик 21 ёшли қиз бундан тўрт йил муқаддам Истанбулга кетган онаси 3 йилдан бери алоқага чиқмаётганини айтиб, уни топиш ва Ўзбекистонга қайтаришда ёрдам сўраган.

Текширувлар натижасида Х. Д. “Туркиянинг Ушоқ шаҳрида эканлиги, 2020 йилдан буён Туркия фуқароси М. Г. томонидан эркига хилоф равишда тутқунликда ушлаб турилгани аниқланган”.

27 август куни ўтказилган тезкор тадбир натижасида тутқунликдаги аёл қутқарилиб, Ушоқ шаҳар ички ишлар бошқармасига етказилган.

“Туркия қонунчилигига биноан шахсни эркига хилоф равишда тутқунликда сақлаганлиги учун М. Г. га нисбатан жиноят иши қўзғатилди”, дейилган хабарномада айни пайтда қаршилик аёлни Ўзбекистонга қайтариш бўйича тегишли ишлар давом эттирилаётгани қўшимча қилинган.

Афғонистон чегараси яқинида халқаро савдо маркази иш бошлади

"Термиз халқаро савдо маркази"нинг очилик маросимидан лавҳа, 2024 йил 29 августи (gov.uz фотоси)
"Термиз халқаро савдо маркази"нинг очилик маросимидан лавҳа, 2024 йил 29 августи (gov.uz фотоси)

Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегараси яқинида жойлашган Термиз шаҳрида 29 август куни Халқаро савдо марказининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Бош вазир матбуот котиби Беҳзод Ҳидоятов маълумотига кўра, марказнинг очилиш маросимида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, Афғонистон бош вазири вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар, Озарбайжон бош вазирининг ўринбосари Шахин Мустафаев, Қирғизистон иқтисодиёт ва савдо вазирининг ўринбосари Назарбек Малаев, Қозоғистон савдо ва интеграция вазирининг ўринбосари Қайрат Торебаев ва бошқалар иштирок этишган.

Маросимда рамзий тасма кесилгани ортидан ўзбек расмийлари Афғонистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон делегациялари ва бошқа мамлакат дипломатик корпус вакилларини марказ фаолияти билан яқиндан таништиришган.

Хабарномада Термиз халқаро савдо маркази “қулай ишбилармонлик муҳити ва логистикани яратиш, маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш ва тадбиркорлар учун зарур шароит яратиш мақсадида” барпо этилгани урғуланган.

Термиз халқаро савдо маркази Ўзбекистон президенти томонидан бундан уч ярим ой муқаддам имзоланган қарор асосида ташкил этилган.

“Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси фаолиятини ривожлантириш тўғрисидаги мазкур қарорда марказ ҳудудида Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган тадбиркорларга Афғонистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун тасдиқнома олмасдан меҳнат шартномалари асосида ишга қабул қилишга рухсат этилиши қайд қилинган.

Шунингдек, ҳужжат билан халқаро марказ ҳудудида улгуржи ва чакана савдода тўлов воситаси сифатида истисно тариқасида ўзбек сўми билан бир қаторда АҚШ доллари, Россия рубли, евро ва юань каби валюталарни қабул қилишга рухсат этилган эди.

Статқўм: Туристларнинг қарийб 80 фоизи қўшни ўлкалардан келган

Самарқанддаги Шоҳи Зинда мажмуаси қўшни ўлкалардан бўлган туристлар энг кўп зиёрат қиладиган жойларидан бири бўлиб ҳисобланади
Самарқанддаги Шоҳи Зинда мажмуаси қўшни ўлкалардан бўлган туристлар энг кўп зиёрат қиладиган жойларидан бири бўлиб ҳисобланади

Ўзбекистонга туристик мақсадларда келаётганларнинг 79 фоиздан кўпроғини Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролари ташкил қилади. Статистика агентлиги ёйинлаган рақамлар асосида ана шундай хулосага келиш мумкин.

Статқўм қайдича, жорий йилнинг январь-июль ойларида Ўзбекистонга жами 4,2 миллион нафар хорижлик ташриф буюрган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 562,5 минг нафарга (15,3 фоизга) кўпдир.

Хабарномада ўтган етти ой ичида Ўзбекистонга саёҳат мақсадда Қирғизистон ва Тожикистондан 1,2 миллион нафардан, Қозоғистондан 845,8 минг нафар, Туркманистондан 83,7 минг нафар киши (жами 3 миллион 245 минг нафардан зиёд) ташриф буюргани айтилган.

Шунингдек, бу давр мобайнида Россиядан 442,1 минг нафар, Туркиядан 62 минг нафар, Хитойдан 35,5 минг нафар, Ҳиндистондан 33,3 минг нафар, Жанубий Кореядан 23,9 минг нафар, Италиядан 19,5 минг нафар, бошқа давлатлардан эса 211,2 минг нафар турист келган.

ФВБ: Бўстонлиқдаги ёнғин 1,5 гектар майдонга ёйилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида 29 августга ўтар кечаси ўрмон ер майдонларида ёнғин содир бўлган. Бу ҳақда Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумот тарқатди.

Хабарномада ёнғинга оид хабар ФВБ тезкор бошқарув марказига тунги соат 00:35 да келиб тушгани, у ерга 3 та ёнғин-қутқарув экипажи, 30 нафар қутқарувчи ҳамда Бурчмулло ўрмон хўжалигидан 20 нафар ходим жалб қилингани айтилган.

ФВБ вакилларига кўра, ёнғин Бурчмулло ўрмон хўжалигига қарашли ҳудудда 1,5 гектар майдонда юзага келган. Ўт ўчирувчилар ёнғинни соат 01:50 га бориб тўлиқ бартараф қилишга муваффақ бўлишган.

“Ҳодиса оқибатида тан жароҳат олган ва ҳалок бўлганлар йўқ”, дейилган Тошкент вилояти ФВБ хабарномасида.

Бўстонлиқдаги тоғда ("Бочка" ҳудудида) катта майдон аланга ичида қолгани акс этган видеолар аввалроқ ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.

Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев оламдан ўтди

Ўзбекистон Фанлар академияси президенти, академик Беҳзод Йўлдошев (ЎзФА фотоси)
Ўзбекистон Фанлар академияси президенти, академик Беҳзод Йўлдошев (ЎзФА фотоси)

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти, физика-математика фанлари доктори Беҳзод Йўлдошев 28 август куни 79 ёшида вафот этган. Бу ҳақда Фанлар академияси матбуот хизмати маълум қилди.

ЎзФА таъзияномасида академик Беҳзод Йўлдошев “юқори энергиялар физикаси соҳасида халқаро миқёсда таниқли ва эътироф этилган олим” экани урғуланган.

Фанлар академияси сайти маълумотига кўра, Беҳзод Йўлдошев 1945 йил 9 майида Тошкент шаҳрида туғилган. У 1968 йил Тошкент давлат университетининг ядро физикаси факультетини имтиёзли тугатганидан сўнг 1971 йилда Бирлашган ядро тадқиқотлари институти (Дубна)да номзодлик, 1981 йили эса физика-математика фанлари доктори диссертациясини ҳимоя қилган.

Меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ядро физикаси институтида кичик илмий ходимликдан бошлаган Беҳзод Йўлдошев турли йилларда Физика-техника институтида катта илмий ходим, лаборатория мудири, Ядро физикаси институтида директор лавозимларида ишлаган. У 2000 йилдан 2005 йилга қадар, кейин эса 2017 йилдан шу кунгача Ўзбекистон Фанлар академиясига раҳбарлик қилган.

Академик Йўлдошев Халқаро атом энергияси агентлигининг (Вена, Австрия) фан бўйича маслаҳатчиси ҳамда Бирлашган ядро тадқиқотлари институти (Дубна, Россия) бош илмий ходими лавозимларида ҳам фаолият юритган.

Олим Фермилаб (АҚШ) ва ТРИУМФ (Ванкувер, Канада) миллий тезлатгичлар лабораториясида халқаро тадқиқотчилар гуруҳи томонидан бажарилган иккита илмий тажрибага раҳбарлик қилган. Шунингдек, сўнгги йилларда Беҳзод Йўлдошев Европа ядро тадқиқотлари марказининг (CERN, Женева, Швейцария) Катта Адрон коллайдерида ва Бирлашган ядро тадқиқотлари институтида олиб борилаётган тадқиқотларда иштирок этган.

Олимнинг асосий илмий-ташкилий фаолияти элементар зарралар физикаси, ядро физикаси, саноат, қишлоқ хўжалиги ва тиббиёт соҳаларида ядро технологияларидан фойдаланиш каби масалалар юзасидан бўлган.

Беҳзод Йўлдошев 400 дан ортиқ илмий иш, жумладан 3 та монография ва 20 дан ортиқ ихтиролар муаллифи бўлиб, унинг илмий раҳбарлигида 9 нафар фан доктори ва 30 га яқин фан номзоди етишган. Олим Олий Мажлис Сенати аъзоси эди.

“Толибон” авиатехника бўйича АҚШ ва Ўзбекистон битимидан норози

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

“Толибон” ҳаракати томонидан шакллантирилган ҳукумат 2021 йилда Афғонистондан Ўзбекистонга олиб ўтилган учоқ ва вертолётлар бўйича Вашингтон ва Тошкент расмийлари ўртасида тузилган битимга эътироз билдирмоқда.

Афғонистоннинг Ўзбекистондаги вертолётлари ва учоқлари тақдирига оид ҳар қанақа битим мақбул эмасдир”, дейилган Афғонистон Ислом амирлиги Миллий мудофаа вазирлигининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёйинланган баёнотида.

“Толибон” вакиллари иддаосича, “Қўшма Штатларнинг Афғонистонга тегишли мулкни мусодара қилишга ва тақдимлашга ҳаққи йўқ”.

Толиблар Ўзбекистон ҳукуматига “бу каби ҳар қандай битимдан тийилиш”ни, “яхши қўшничилик алоқаларини акс эттирувчи оқилона қарорлар қабул қилиш”ни ҳамда Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли учоқ ва ветролётларни Кобулга “қайтариб беришда ҳамкорлик қилиш”ни “қатъий тарзда” тавсия қилишган.

АҚШ ва Ўзбекистон расмийлари “Толибон” ҳаракати 2021 йил августида Кобулни эгаллаганидан кейин Афғонистондан Ўзбекистон ҳудудига учиб ўтган ҳарбий учоқ ва вертолётларнинг кейинги тақдири бўйича келишувга эришгани ҳақида аввалроқ АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник билдирган эди.

Элчига кўра, томонлар бу борада аллақачон қўшма дастурни амалга оширишни бошлашган.

“Толибон” ҳаракати Кобулда ҳокимиятни эгаллаб олган 2021 йилда афғонистонлик учувчилар мамлакатдаги учоқ ва вертолётларнинг бир қисмини Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб ўтишга муваффақ бўлган.

Ўшанда бортида 585 нафар афғонистонлик ҳарбий хизматчи бўлган 22 та ҳарбий учоқ ва 24 та вертолёт (Embraer EMB 314 Super Tucano, UH-60 Black Hawk, MD-530, PC-12 va Mi-17) Ўзбекистон ҳаво ҳудудини кесиб ўтган эди.

“Толибон” вакиллари мазкур учоқ ва вертолётлар Афғонистон мулки экани ва улар қайтарилиши лозимлиги ҳақида аввал ҳам бир неча бор баёнот беришган. Бунга жавобан расмий Тошкент учоқ ва вертолётлар АҚШ мулки экани, уларни қайтариб бўлмаслигини билдириб келаётганди. Ўзбек расмийларининг бу баёнотини кейинроқ америкалик мутасаддилар ҳам тасдиқлашган.

Қозоғистонда қаровсиз қолган уч бола Ўзбекистонга қайтарилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қозоғистонда турли сабабларга кўра қаровсиз қолиб кетган уч нафар бола Ўзбекистонга олиб келинган. “Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, вояга етмаган бу болалар ватанига Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси кўмагида қайтарилган.

Қайд этилишича, ўзбек дипломатлари саъй-ҳаракати билан “Қийин аҳволдаги болаларни қўллаб-қувватлаш маркази” ва Олмаота шаҳар таълим бошқармаси билан биргаликда 17 ёшли И.Р., 12 яшар С.Р. ва эндигина иккига кирган М.Н.ни Ўзбекистонга қайтариш бўйича барча зарур ҳужжатлар тайёрланган.

Бош консулхона ходимлари вояга етмаган болаларни шу йилнинг 24 августида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси ходимига топширганлар.

Агентлик хабарида бу болаларнинг Қозоғистонда қаровсиз қолиб кетганига нима сабаб бўлганига аниқлик киритилган эмас.

Аввалроқ Озодлик Болалар омбудсмани тарқатган маълумотга таянган ҳолда Россияда қаровсиз қолиб кетган 31 нафар бола Ўзбекистонга олиб келингани ҳақида хабар қилган эди.

Чимкентда “полициячини урган” ўзбекистонлик 2 йилга қамалди

Чимкент судида ўзбекистонликка нисбатан ҳукм ўқилаётган пайт, 2024 йил 26 августи
Чимкент судида ўзбекистонликка нисбатан ҳукм ўқилаётган пайт, 2024 йил 26 августи

Жиноят ишлари бўйича Чимкент шаҳар туманлараро суди 26 август куни 31 ёшли ўзбекистонлик Алишер Сапаровни “полиция ходимига нисбатан зўравонлик қўллаганлик” айблови бўйича икки йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. Суд ҳукмига мувофиқ, у жазони манзил-колонияда ўтайди. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизмати хабар қилди.

Ўзига қўйилган айбловни рад этган Сапаров судда ўзининг ноқонуний қўлга олингани, сўроқ қилингани ва калтакланганини билдирган. Судда унинг ҳимоячиси сифатида иштирок этган онаси улар суд ҳукми юзасидан апелляция тартибида шикоят қилишларини маълум қилган.

Тергов материалларига кўра, Сапаров “ёнида ҳужжати бўлмагани” учун 4 июль куни қўлга олиниб, қабул-тақсимот марказига келтирилган.

Тергов қайдича, 6 июль куни у полиция ходимининг чап юзига мушт тушириб, қочиб кетишга уринган. Унинг хатти-ҳаракатлари видеокузатув камерасига тушиб қолган.

Судда жабрланувчи сифатида полиция ходими ҳам иштирок этган. У маҳкама жараёнида ўзини тасвирга олмасликни сўраган. Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, унда “бош-мия жароҳати ва мия чайқалиши” аниқланган.

Сапаров судда ўзига қўйилган айбловни рад этиб, полициячини урмагани, балки “итариб юборгани”ни таъкидлаган. Ўзбекистонлик йигит полиция уни қонунга хилоф равишда қўлга олиб, унга нисбатан куч ишлатганини иддао қилган. Ишни кўриб чиқаётган судья жиноят иши судга “ҳокимият вакилига нисбатан куч қўлланилиши” айблови бўйича келгани ва шу айблов доирасида кўриб чиқилаётганини билдирган. Судья судланувчига шикояти бўлган тақдирда тегишли идорага ариза ёзишни тавсия қилган.

Судланувчининг онаси Шаҳло Сапарова унинг ўғли Тошкентдан Чимкент орқали Олмаотага ўтиб кетиш учун чиққанини айтган. Онасининг сўзларига кўра, Сапаров Чимкентда оёғи шишиб кетганини кўриб, тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. У “тегишли тиббий ёрдам ололмагани”дан кейин полиция чақирилган. Шаҳло Сапарованинг иддаосича, полициячилар унинг ўғлини ўша ерда қўлга олишиб, калтаклаб, ҳибсхонага жойлаштиришган.

Ўғлимнинг ҳамма ҳужжатлари жойида эди. Бироқ уни қўлга ушлашиб, махсус приёмникка тиқиб қўйишган. Шу тариқа унинг ҳуқуқлари бузилган”, деган Шаҳло Сапарова судда.

Суд муҳокамаси чоғида прокурор судланувчини айбдор деб топиш ва унга икки йилга озодликдан маҳрум қилиш шаклида жазо тайинлашни сўраган.

Чимкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси Сапаров 13-поликлиникага мурожаат қилганини тасдиқлаган. Айни пайтда бошқарма ўзбекистонлик эркак шовқин-сурон кўтаргани, бунинг ортидан врачлар полиция чақиришга мажбур бўлишганини билдирган.

Озодликнинг қозоқ хизмати қўлга олинган шахсга нисбатан “куч қўлланилганига оид” маълумот юзасидан изоҳ сўраб Чимкент шаҳар полиция департаментига мурожаат қилган, бироқ департамент вакиллари бу саволни жавобсиз қолдиришган.

Рақобат қўмитаси: Нукус халқаро аэропортига қарши иш қўзғатилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Nukus xalqaro aeroporti МЧЖга қарши иш қўзғатишга қарор қилган. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикаси Рақобат қўмитаси Нукус халқаро аэропорти томонидан амалга оширилган танлов савдоларида қонун талабларига риоя қилинганлиги юзасидан ўрганиш ишларини олиб борган.

Ўрганишлар натижасида мазкур МЧЖ Давлат харидлари портали орқали амалга оширган 120 000 000 сўмлик танлов савдоларини ўтказишда Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари” ва “Рақобат тўғрисида”ги қонунлари талабларига риоя қилмаганлиги аниқланди”, дейилган хабарномада.

Шундан келиб чиққан ҳолда, қўмита махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 225-сонли низоми талабларини бузиш аломатлари билан “Нукус халқаро аэропорти”га нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилган ҳамда унинг натижаси юзасидан тегишли таъсир чораси қўлланилган.

Истанбулдан келаётган Qanot Sharq учоғида носозлик кузатилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Истанбул-Самарқанд йўналиши бўйлаб HH572 қатновини амалга ошираётган Qanot Sharq хусусий авиаширкатининг Airbus A-320-214 учоғи 26 август оқшомида техник сабабларга кўра Туркиянинг Амасия вилоятидаги Мерзифон аэропортига қўнишга мажбур бўлган. Бу ҳақда авиаширкат матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Турк нашрлари хабарларига кўра, бортида 152 киши бўлган учоқ салонда босим пасайиб кетгани туфайли фавқулодда қўнишни амалга оширган. Авиаширкат қайдича, ҳодиса чоғида йўловчи ва экипаж аъзоларидан ҳеч ким жабрланган эмас.

Qanot Sharq вакиллари йўловчиларни олиб келиш учун Туркияга захира учоғи йўлланганини билдиришган. Авиаширкат маълумотига мувофиқ, Мерзифонда қолиб кетган йўловчилар 27 август тонгида Самарқандга олиб келинган. Авиаширкат вакиллари мазкур ҳолат кимнингдир режасини бузганидан афсусда эканларини, бироқ ҳаммаси муваффақиятли тугаганидан мамнунликларини қайд этишган.

Бу орада Qanot Sharq жорий йилнинг 27 август куни Самарқанд – Санкт-Петербург (HH741 рейси) ва Санкт-Петербург – Самарқанд (HH742 рейси), шунингдек, Наманган – Санкт-Петербург (HH743 рейси) ва Санкт-Петербург – Наманган (HH744 рейси) техник сабабларга кўра бекор қилинишини билдирган.

Авиаширкат йўловчиларга чипта учун тўланган пуллар 100 фоиз қайтарилишини ваъда қилиб, йўловчилардан узр сўраган.

Элчи Хеник: Афғонистондан келган учоқлар Ўзбекистонда қолади

2021 йил август ойида Афғонистонни тарк этган учувчиларнинг айримлари Ўзбекистонга UH-60 Black Hawk вертолётларида учиб келишган
2021 йил август ойида Афғонистонни тарк этган учувчиларнинг айримлари Ўзбекистонга UH-60 Black Hawk вертолётларида учиб келишган

АҚШ ва Ўзбекистон расмийлари “Толибон” ҳаракати 2021 йил августида Кобулни эгаллаганидан кейин Афғонистондан Ўзбекистон ҳудудига учиб ўтган ҳарбий учоқ ва вертолётларнинг кейинги тақдири бўйича келишувга эришган. Бу ҳақда Kun.uz нашри АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Жонатан Хеник сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Америкалик дипломат нашрнинг “Авиатехника жиҳозлари Ўзбекистонда қоладими?” деган саволи “Ҳарбий техникалар Ўзбекистонда бўлади. Ҳа, бу аллақачон расмий”, дея жавоб берган.

Элчига кўра, томонлар бу борада аллақачон қўшма дастурни амалга оширишни бошлаган.

“Ушбу техникалар ҳеч қачон афғонларники бўлмаган, улар америкаликларники эди. Афғон армияси ундан фойдаланди, аммо уларнинг эгаси доим биз бўлганмиз”, дея иқтибос келтирган Kun.uz элчи Хеник сўзларидан.

Афғон матбуоти маълумотига кўра, “Толибон” ҳаракати ҳокимият тепасига келган 2021 йил августигача Афғонистонда 164 та жанговар учоқ бўлган, ҳозирда улар сони 81 та. Бундан уч йил муқаддам афғонистонлик учувчилар учоқ ва вертолётларнинг бир қисмини Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб ўтишга муваффақ бўлган.

Ўша пайтда бортида 585 нафар афғонистонлик ҳарбий хизматчи бўлган 22 та ҳарбий учоқ ва 24 та вертолёт (Embraer EMB 314 Super Tucano, UH-60 Black Hawk, MD-530, PC-12 va Mi-17) Ўзбекистон ҳаво ҳудудини кесиб ўтган.

“Толибон” вакиллари мазкур учоқ ва вертолётлар Афғонистон мулки экани ва улар қайтарилиши лозимлиги ҳақида бир неча бор баёнот берган. Бунга жавобан расмий Тошкент учоқ ва вертолётлар АҚШ мулки экани, уларни қайтариб бўлмаслигини билдириб келаётган эди. Ўзбек расмийларининг бу баёнотини кейинроқ америкалик мутасаддилар ҳам тасдиқлашган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG