Эритувчилар

From Vikipediya

Эритувчилар — турли моддаларни ўзида эрита оладиган кимёвий бирикмалар ёки уларнинг аралашмалари. Сув, спирт, кислота, ишқор, эфирлар, бензол, толуол, ксилол ёки уларнинг аралашмалари Э.га мисол бўла олади. Э. хоссалари (мас, учувчанлиги, ёпишқоқлиги, зичлиги, диэлектрик доимийси ёки кимёвий фаоллиги)га кўра синфланади. Биринчи навбатда, Э. нинг кимёвий хоссалари, айниқса, уларнинг заҳарли ёки заҳарли эмаслигига эътибор берилади. Стандарт эритувчи сифатида сув олинади. Шу аснода Э.ни кислотали, ишқорий ва амфотер хоссаларга бўлинади. Маълумки, сув кимёвий реаксияларда водород катиони — Н* ни узатиб кислота ролида бўлиши ёки бундай катионни асос сифатида бириктириб олиб, Н30+ га айланиши мумкин. Демак, сув ўзида қандай модда эритилганига қараб кислота ёки ишқор ўрнида бўла олади. Сувни деярли идеал амфотер эритувчи деб қабул қилиш мумкин. Сувнинг мана шундай универсал хоссаларига асосланиб, унга нисбатан ишқор ролида бўлувчи Э. кислотали эритувчилар, сувни Э.га нисбатан кислота деб ҳисобланганда эса ишқорий эритувчилар дейилади. Бундай синфлашда эритмалар ҳосил бўлишида рол ўйнайдиган функсионал гуруҳлар электронлари ҳаракати ҳисобга олинади. Шу боис электрон жуфтини берувчи эриган модда молекуласи ишқорий (донор) эритувчи сифатида белгиланади. Анилин, пиридин, диметилсулфоксид, оддий ва мураккаб эфирлар донор Э. вакиллари ҳисобланади. Эриган модданинг электрон жуфтини қабул қилувчи эритувчи кислотали ёки аксептор Э. ҳисобланади. Буларга карбокислоталар, феноллар, кислоталарнинг хлорангидридлари киради. Кислотали Э.га тўла алмашинмаган галоген ҳосилали алифатик углеводородлар (хлороформ, дихлоретан) ҳам киритилади. Спиртлар ва кетонлар сувсиз амфотер Э. ҳисобланади. Гексан, углерод сулфид ва тетрахлорметан "инерт Э." қаторига киради.

Э.ни танлашда уларнинг диэлектрик ўтказувчанлиги каби физик хоссасидан фойдаланилади. Бунда Э.нинг паст қутблилиги (2 дан 12 гача) ва юқори қутблилиги (50 дан юқори) ҳисобга олинади. Сувда бу миқдор 78 ни, бензолда эса жами 2,3 ни ташкил қилади. Тажрибалар шуни кўрсатдики, 2 турли зарядлар ёки 2 дипол молекулалар сувли муҳитда вакуумдагига нисбатан деярли 80-марта кам энергия билан таъсирлашади. Бензолда эса таъсирлашув энергияси 2 баравар камаяди, холос. Шу сабабли сув юқори қутбли Э. қаторига киритилади. Бу борада пропиленкарбонат, гидразин, формамид ва сулфат кислота сувга яқинроқ туради.

Э.дан қадимдан фойдаланиб келинади. Э.нинг кўплари саноат миқёсида ишлаб чиқарилади, Э. ишлатилмайдиган ёки фойдаланилмайдиган соҳани топиш қийин. 21-асрда Э.дан кимёвий жараёнларни бошқаришда кенг фойдаланила бошланди. Эритувчининг хилини ва хоссаларини билган ҳолда ихтиёрий реаксияларни амалга ошириш мумкин. Э.дан фойдаланиб, электролиз жараёнида алюминийни паст траларда ажратиб олиш муаммоси ҳал қилинди. Мана шу йўл билан алюминийли ҳимоя ва манзарали қопламалар ҳам олина бошланди. Ацетон, ацетонитрил, бензол, диэтилефир, диметилацетамид, диоксан, сирка кислота, этанол, формамид, метанол, нитробензол, пиридин, тетрахлорметан, хлороформ, этилацетат, сиклогексан, метилетилкетон, октан, скипидар, углеродсулфид, тетралин, трибутилфосфат ва бошқалар турли хил Э. саноат ва халқ хўжалигида муҳим аҳамиятга эга.

Адабиёт[edit | edit source]

Энтелис С.Г.,Тигер Р.П.,Кинетика реаксий в жидкой фазе, М., 1973; Фиалков Ю.Я., Растворителкаксредство управления химическим процессом, М., 1988. Қудрат Ахмеров.